Навальний фонди "Путин саройи" видеосини эълон қилди

"Путин саройи" экани айтилаётган қаср.

Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди 19 январь куни президент Владимир Путин учун Қора денгиз соҳилида қурилгани таҳмин қилинаётган данғиллама саройга оид янги суриштирувни эълон қилди.

Суриштирувда айтилишича, Геленжик кўрфазидаги “Путин саройи”ни камида 100 миллиард рубл (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин.

Маълум қилинишича, қаср ҳовлисида черков, 2500 квадрат метрли иссиқхона, амфитеатр, бир нечта уй ва денгиз соҳилига олиб чиқувчи “ер ости йўли” мавжуд.

Сарой майдони 17 691 квадрат метрни ташкил қилади. Унда кинотеатр, бар, чилим бар, казино, ўйин автоматлари ўрнатилган зал ва бассейн мавжуд.

“Бу Россиядаги энг қаттиқ қўриқланадиган жойдир, бошқача айтганда давлат ичидаги давлатдир. Бу Путиннинг энг катта сиридир, бу сирни юзлаб, хаттоки минглаб одамлар қўриқламоқда- улар оддий қўриқчилар, боғбонлар ва қурувчилардир”,-деб бошланади YouTube порталига жойлаштирилган икки соатли видео.

Мазкур қаср Россия президенти учун қурилгани ҳақида 2010 йилда тадбиркор Сергей Колесников маълум қилганди. Бироқ Путин бу бинога алоқаси йўқлигини айтиб келган.

Алексей Навальний 18 январь куни Германиядан даволаниб қайтганидан сўнг Москвадаги “Шереметьево” аэропортида қўлга олинган ва 30 кунга қамалган эди.