Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган ёзда заҳарлангандан кейин уни даволаган шифокор Сергей Максимишин вафот этди. Бу ҳақда CNN телеканали пайшанба куни Максимишин ишлаган шифохона маъмуриятига таяниб хабар тарқатди.
Шифохона баёнотида Омск шаҳридаги Тез тиббий ёрдам шифохонаси бош врачи ўринбосари сифатида ишлаб келган Максимишин 56 ёшида «тўсатдан» вафот этгани айтилади.
«Шуни қайғу билан хабар қиламизки, 56-ёшида БСМП-1 бош шифокорининг анестезиология ва реанимация бўйича ўринбосари, ОмГМУ кафедраси ассистенти, тиббиёт фанлари номзоди Максимишин Сергей Валентинович тўсатдан вафот этди», дейилади шифохона баёнотида.
Баёнотда ўлим сабаби очиқланмади.
Мавзуга алоқадор “Мукаммал қотиллик”. Христо Грозев – “ФХХ заҳарловчилари” ҳақидаНавальний заҳарланиш асоратлари билан ўтган йилнинг 20 августида Омскдаги 1-сонли Тезкор тиббий ёрдам касалхонасига ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган.
Навальний Омскда даволанаётганида Максимишин матбуотга бирор марта баёнот бермади. Касалхона бош врачнинг анестезиология ва реанимация бўйича ўринбосари сифатида у шифоcонанинг энг юқори лавозимли ходимларидан бири бўлган.
22 август куни Навальний Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилди. Мухолифатчи у ерда беш ой давомида соғлиғини тиклади.
Навальний шу йил 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан аэропортда қўлга олинди. Унинг ҳибсга олинишини хориж давлатлари кескин қоралади.
Декабрь ойида Британияда жойлашган Bellingcat тадқиқот гуруҳи Навальний заҳарланиши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) тургани айтилган текширувини эълон қилган эди.
Навальний минтақавий штаблари тармоғининг раҳбари Леонид Волков Навальнийни даволаш учун Максимишин масъул бўлганини тасдиқлади.
Волков CNN агентлигига берган интервьюсида «Сергей Максимишин Алексей Навальнийни даволаган ва унинг даволанишига, хусусан, уни сунъий кома ҳолатига туширишга масъул бўлган бўлимнинг бошлиғи эди» - деб айтди.
«[Махимишим] Алексейнинг аҳволи ҳақида ҳаммадан яхши билган, шундай экан, бу ерда жиноят борлиги эҳтимолдан холи эмас», - дея қўшимча қилди у.
«Аммо Россиянинг соғлиқни сақлаш тизими ачинарли аҳволда ва унинг ёшидаги шифокорлар тўсатдан вафот этиши мисли кўрилмаган ҳолат эмас. Унинг ўлими бўйича тергов ўтказилишига шубҳа қиламан», - дея сўзини давом эттирди Волков.
Омск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Александр Мураховский баёнот эълон қилиб, Максимишин касалхонада 28 йил ишлагани ва минглаб одам ҳаётини сақлаб қолганини билдирди.
«У одамларни тўлиқ ҳаётга қайтарди. Доктор Максимишинни жуда соғинамиз. У ўта эрта кетди ва шу сабабли уни йўқотганимиз янада оғир ботмоқда», дейилади Мураховский баёнотида.