Норвегияда мутахассислар COVID-19га қарши AstraZeneca вакцинаси билан эмланган яна икки киши вафот этгани юзасидан тергов бошлади.
Норвегияда мазкур вакцина билан эмланганидан сўнг жами 4 киши вафот этган. Мутахассислар ўлимга AstraZeneca билан эмланганлик сабаб бўлгани эҳтимолини ўрганмоқда.
Хабарларда айтилишича, вафот этганларда эмланишдан сўнг томирларда қон ивиши, қон кетиши кузатилган. Бошқа давлатларда ҳам AstraZeneca билан эмланган айрим кишиларда мана шундай ҳолат юз берган. Айни пайтда COVID-19га қарши Pfizer - BioNTech ва Moderna вакциналари билан эмланганларда бундай ҳолат кузатилмаган.
AstraZeneca ширкати эса шу кунгача ўз вакцинаси билан Европа Иттифоқи ва Британияда 17 миллион киши эмланганини, улардан фақат 40 нафарида салбий ҳолат кузатилганини билдирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган ҳафтада давлатларга AstraZeneca вакцинасини қўллашда давом этишни тавсия қилган. Европа дори воисталари агентлигининг дори-дармон хавфсизлиги бўйича қўмитаси экспертлари AstraZeneca вакцинасини “хавфсиз ва самарали вакцина” деб эълон қилган.
Аввалроқ Европанинг қатор давлатлари, жумладан, Германия, Франция ва Италия ушбу вакцина билан эмлашни тўхтатиб қўйган эди.
COVAX дастури орқали 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси 17 март куни Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўзбек расмийлари мамлакатда ёппасига эмлов Наврўз байрамидан сўнг бошланишини эълон қилганлар.