27 ноябрь куни Сирдарё вилоят, Сирдарё тумани ҳудудида 50 дан зиёд ҳайдовчи АЁҚШларда метан гази йўқлигидан норозилик билдириб, Гулистон-Тошкент йўлини тўсиб қўйди.
Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, йўл маҳаллий вақт билан эрталаб 9 дан 11гача тўсилган.
Оқибатда йўлнинг икки томонидан бир неча километрга чўзилган тирбандлик юзага келган.
Гувоҳлар ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари норозиларни куч билан тарқатиб юборганини айтишди.
Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати вакили эса Озодлик билан суҳбатда ҳокимлик расмийлари норозилар билан учрашгани, метан гази таъминотидаги муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилганларидан сўнг норозилар йўлни очгани ва тарқалганликларини айтди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Воқеа гувоҳлари Озодликка жўнатган видеода, одамлар йўлни ўртасига скамейкаларни қўйиб, норозилик билдираётганини кўриш мумкин.
Уларнинг айримлари ярим тунда келганликларини айтишади.
Норозилардан бирининг Озодликка айтишича, 27 ноябрь эрталаб элликтача машина Оҳунбобоев маҳалласи яқинидаги АЁҚШ ёнидан ўтувчи М34 йўлини ёпиб, машина қатновини икки соатга тўхтатиб қўйган:
- Метан гази йўқлиги ҳайдовчиларни жонига тегиб кетди. Шунга киракашлик қилиб кун кўраётган ҳайдовчилар ва бошқалар келишиб, йўлни тўсиб қўйди”.
Ўзбекистондаги нашрлар воқеа Сирдарё туманининг Бахт шаҳрида бўлгани ҳақида ёзди.
Ушбу воқеани ўз кўзи билан кўрган бошқа бир сирдарёлик ҳайдовчига кўра, норозилар Сирдарё шаҳри ҳокимлиги расмийлари келгунча йўлни очишмаган:
“Ҳокимликдан одамлар келиб, муаммони ҳал қиламиз деб ваъда берганидан сўнг, соат 11 ларда йўлни очишди. Агар ваъда бажарилмаса яна норозилик қилишларини айтишди”.
Яна бир гувоҳнинг айтишича, қаршилик қилганларни ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари куч билан тарқатиб юборган.
Сирдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати расмийларидан бири, Оҳунбобоев туманидаги АЁҚШда метан гази таъминотидаги узилиш техник сабабга боғлиқлиги ва шу муаммо ҳайдовчилар норозилигини келтириб чиқарганини айтди:
- АЁҚШда компрессори бузилиб қолган, шунга ҳайдовчилар норози бўлиб йўлни тўсишган. Биз бориб вазиятни тушунтирганимиздан сўнг тарқалишди. Тушунмовчилик бўлган. АЁҚШ муаммони ҳал қилишни ваъда қилди.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, йўл тўсилиши оқибатида унинг икки томонидан бир неча километрга чўзилган тирбандлик юзага келган.
Ҳокимлик расмийсига кўра, йўлда тирбандлик узоқ бўлмаган:
- Шу ҳақда хабар келиши билан биз у ерга етиб бордик, кейин тарқалишди, йўл очилди.
Сирдарёлик бошқа гувоҳлар Гулистон шаҳрида метан газига бир неча киломтерлик навбат юзага келиб, машиналар йўлда тўхтаб қолганини кўришган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Сирдарёда бўлаётган воқеалар ҳақида изоҳ олиш учун шу вилоят ҳокимлигига боғланганида ҳоким ёрдамчиси саволни эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.
Сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида автомобилларга қуйиладиган метан гази тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.
Сирдарёлик ҳайдовчилар аксар АЁҚШларда метан гази умуман тугаб қолганини айтишди. Улардан бири бундай деди:
- Битта АЁҚШдаги муаммо эмас бу. Ҳамма жойда йўқ газ. Бензин тақчиллигидан метан газига ўтган эдик. Энди метан ҳам йўқ. Кунимиз эшшак аравага қоладиган кўринади.
Ҳайдовчиларнинг метан гази тақчиллиги ҳақидаги шикоятлари юзасидан Озодлик мамлакатда газ таъминотига масъул бўлган "Ўзтрансгаз" ширкатидан изоҳ ололмади.
Ўзбекистонда одамлар норозилик билдириб йўлни тўсиши бундан олдин Хоразмнинг Урганч шаҳрида рўй берганди.
27 июль куни уйи бизилган аҳоли вакиллари компенсация пули берилмаганига норозилик билдириб Урганч-Хонқа йўлини тўсган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Вилоят ҳокими келиб, ваъдалар бериб тарқатишга уринган. Аммо одамлар тарқалмаган. Кейин ўша ердаги оқсоқоллар, ўртага тушиб одамларни тарқатишга эришган эди.
Бир кун ўтиб президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Бош вазир Абдулла Арипов воқеа жойига етиб келган ва одамларга компенсация пуллари берилганди.