Жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойлари давомида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистонда Антикоррупция ҳафталигини ўтказишни режалаяпти.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур тадбир 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини мамлакатда кенг нишонлаш мақсадида ўтказилади.
“Ҳафталик доирасида бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ва халқаро экспертларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, шунингдек истиқболдаги долзарб вазифалар ва тенденцияларни муҳокама қилишга қаратилган халқаро ва минтақавий анжуманлар ташкил этилади”, дейилган агентлик хабарномасида.
Қайд этилишича, тадбир доирасида вазирлик ва идораларда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари учун очиқ эшиклар куни, ёшлар иштирокида ижтимоий сўров ва акциялар, шунингдек коррупцияга қарши курашишни тарғиб этишга қаратилган танловлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон кўп йиллардан бери халқаро ҳисоботларда жаҳондаги энг коррупциялашган мамлакатлардан бири ўлароқ кўрсатиб келинади. Дейлик, дунë мамлакатларидаги коррупция даражасини кузатиб келадиган Transparency International ташкилотининг 2019 йилги Коррупция индексида Ўзбекистон 180 давлат орасида 153 ўринга қўйилиб, энг коррупциялашган давлатлар сафида саналган.