Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 11 кишига етди. Вирус Дубай—Тошкент рейси билан келган фуқарода аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош санитар врачи Баҳром Алматов баёнот бергани тўғрисида Koronavirus Info Телеграм-канали хабар қилди.
Мазкур канал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил қилинган.
Олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони 10 нафарга етганини хабар қилган эди.
Вазирлик шу йил 15 март куни соат 05:15 да “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига қарашли Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганлигини эслатиб, мазкур рейс билан бирга келган беморнинг турмуш ўртоғи ва яна бир фуқарода ҳам ушбу инфекция тасдиқланганини маълум қилганди.
“Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб,шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда”, дейилади ССВ хабарномасида.