Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарёда қулаб тушганини тасдиқлади, деб хабар берди 16 август куни “Газета.uz”.
Айни пайтда Мудофаа вазирлиги расмий сайтида ва Телеграм каналида бу борада бирорта маълумот чоп этилмади.
Нашрнинг маълум қилишича, Мудофаа вазирлиги Афғонистон самолёти билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритар экан: “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган”, деб баёнот берди.
Шунингдек, хабарда “ҳозирги пайтда ваколатли идоралар томонидан ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани ва суриштирув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши” маълум қилинди.
Аввалроқ маҳаллий матбуот ижтимоий тармоқлардаги хабарларга таянган ҳолда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Афғонистон самолёти қулагани тўғрисида ёзган эди.
“Газета.uz”нинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиалига ётқизилганлигини тасдиқлаган.