ОАВ: Путин буйруғига қарамай, Россия кейинги ҳафтадан коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошлай олмайди

Владимир Путин кейинги ҳафтадан аҳолини коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинаси билан оммаий равишда эмлашни бошлаш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Россияда COVID-19га қарши вакцинани ишлаб чиқариш жараёнини президент Владимир Путин режалаштирган муддатда бошлаш имконияти мавжуд эмас. Бунга қонунчиликдаги камчиликлар ва ишлаб чиқариш қувватининг етишмаслиги сабаб бўлмоқда.

"Фармацевтический вестник" нашрининг ёзишича, декабрдан бошлаб коронавирусга қарши вакцина ҳаёт учун ўта муҳим дорилар рўйхатига киритилган. Қонунга асосан бундай дориларга ҳукумат томонидан нарх белгиланиши лозим. Аҳолига бепул берилиши кўзланган бўлса ҳам, бундай дори нарх белгиланмагунига қадар ишлаб чиқарилмайди.

Нашрнинг билдиришича, айни пайтда нарх белгилаш жараёни яунланган эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар вакцинани касалхоналар ва дорихоналарга етказиб бера олмайди.

2 декабрь куни ўтган йиғилишда президент Владимир Путин бош вазир ўринбосари Татьяна Голиковага кейинги ҳафтадан аҳолини коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинаси билан оммавий равишда эмлашни бошлаш тўғрисида кўрсатма берган эди.

The Bell нашрининг ёзишича, Россияда мазкур вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқариш шу кунгача йўлга қўйилмаган. Нашр манбалари йил охиригача кўпи билан 500 минг доза вакцина ишлаб чиқариш имконияти мавжудлигини билдирган.