“Меҳр-3” амалиёти доирасида Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Uzreport, “Дунё”, Podrobno.uz, “Газета уз” ва бошқа нашрлар 8 декабрь куни хабар берди.
“Бу инсонлар эндиликда барча қулайликларга эга бўлган соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим кечак билан таъминланади. Мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилади”,-дейилади маҳаллий нашрлар хабарида.
Маҳаллий матбуот мазкур маълумот кимдан ёки қайси расмий ташкилотдан олингани ҳақида хабар бермаган.
Айни пайтда президент матбуот хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, расмий ЎзА ва “Дунё” ахборот агентликлари ҳозирча бу ҳақда бирорта билдирув ёки хабар эълон қилмади.
Ўзбекистонлик 156 аёл ва бола 2019 йилнинг 30 майида "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти доирасида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинганди. Олиб келганларнинг 48 нафари аёл, 106 нафари болалардир.
2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида Ўзбекистонга Суриядан ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз бола қайтарилганди.