Ўзбекистон ҳукумати Сурхондарё вилояти Термиз туманида юздан ортиқ афғонистонлик қочқинни жойлаштиргани ҳақида маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таяниб хабар берди.
“Газета.uz”нинг ёзишича, қочқинлар учун чодирли лагерь ташкил этилган. Бу ҳақда нашрга лагернинг тиббиёт пунктида ишлаётган ходимлардан бири маълум қилган.
Sputnik Uzbekistan эса ўз манбасига таянган ҳолда лагерда 150 қочқин борлигини, улардан 17 нафари аёллар ва болалар эканини ёзди.
Қочқинлар лагерга жойлаштирилишидан олдин коронавирусга тест топширган, қочқинлар орасида вирусга чалинганлар аниқланмаган.
Хабарда Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий полигон яқинида ташкил этилган ковид марказига ҳам Афғонистондан Ўзбекистонга самолётда қочиб ўтган 650 ҳарбий жойлаштирилгани айтилган.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.