Озарбайжон 29 октябрь куни Арманистонга Тоғли Қорабоғдаги жанглар пайтида ҳалок бўлган 29 арман аскарининг жасадини топширди.
Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян жасадлар Россия воситачилигида ўтказилган сўзлашувлар ортидан қайтарилганини, жасадларни қайтариш жараёнида ЕХҲТ раисининг расмий вакили ва Халқаро Қизил Ҳоч иштирок этганини билдирди.
Степанян Арманистон “Озарбайжонга озарбайжон аскарлари жасадларини қайтариш ваъадасида собит экани”ни таъкидлади. Бундан ташқари Арманистон “жангоҳларда қолиб кетган жасадларни олиб чиқиш, ҳарбий асирлар ҳақида маълумот алмашиш ва келажакда уларни ўзаро алмаштириш бўйича ҳамкорликка тайёр” эканини ҳам маълум қилди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг расмий вакили Ҳикмет Гаджиев эса хорижлик журналистларга арман ҳарбийлари жасадини қайтариш Боку ташаббуси экани ва бу ташаббус Россия воситачилигида амалга оширилганини айтди.
Халқаро ҳамжамият Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан оладиган Тоғли Қорабоғ 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган этник арманлар назорати остида. Мазкур ҳудуддаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.