Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистон устидан Европа судига шикоят қилди

Озарбайжон терговчиси снарядлар бўлаклари олдида.

Озарбайжон Арманистон устидан Европа Инсон ҳуқуқлари судига (ECHR) даъво аризаси билан мурожаат қилди. Боку Ереванни қарийб 30 йилга чўзилган оккупация давомида Тоғли Қорабоғ ва унга туташ етти туманда инсон ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда.

8 февраль куни Озарбайжон парламентининг қонунчилик сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Камол Жафаров Боку Ереванни 1990 йилларда айирмачи минтақада содир бўлган дастлабки уруш пайтида бедарак йўқолган 3 800 га яқин Озарбайжон фуқаросининг тақдирини аниқлаш учун чора кўрмаганликда айблаётганини айтди.

Бундан ташқари, Озарбайжон ўз даъво аризасида Европа судини Арманистон ўтган йилнинг кузида содир бўлган тўқнашувлар давомида можаро зонасидан анча узоқ масофада жойлашган Озарбайжон шаҳарлари ва қишлоқларини баллистик ракета, оқ фосфорли ўқ-дори ва кластерли қуроллар билан нишонга олганини кўриб чиқишга чорлаган.

Боку маълумотларига кўра, ушбу ҳужумлар натижасида 93 тинч аҳоли вакили, шу жумладан, 12 ёш бола ва 28 аёл ҳалок бўлган, 423 одам жароҳат олган, 264 та кўп қаватли уй ва 9 294 та хусусий уй вайрон бўлган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.