Блогер ва Озод Европа/Озодлик радиоси медиаконсультанти Игорь Лосик Беларусда қамоққа олинганига 7 ноябрь куни 500 кун бўлди. Шу муносабат билан радио президенти Жейми Флай баёнот берди.
“Игорь 2020 йилнинг 25 июнида уйидан ўғирланиб кетилган. У 500 кундан бери адолатсиз ва ноинсоний муносабатларга дучор бўлмоқда. Беларусь ҳукумати бу адолатсизликка барҳам бериб, Игорни ва қамоқда ётган бошқа журналистларни озод қилиши керак”,-деди Флай.
Игорь Лосик Беларус президентлигига 2020 йилнинг 9 августида ўтган сайлов арафасида қўлга олинган эди. Мазкур сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонгани расман эълон қилинган. Бироқ беларусь мухолифати ва ривожланган ғарб давлатлари сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, Лукашенко ғалабасини тан олмаган.
Лосик “ижтимоий низо қўзғатиш ва оммавий тартибсизликларни уюштириш” айблови билан ушланган. У бу айблов билан 12 йилгача қамалиши мумкин. Лосик қамоқда қийноқларга солинган ва руҳий босим остида бўлган. У бу каби муносабатга норозилик сифатида икки марта узоқ муддатли очлик эълон қилганди.
Лосик ўзига нисбатан айбловни тан олмаган ва сохта айбловлар билан қамоққа олинганини айтган. Халқаро ташкилотлар ва Европа давлатлари Беларусь ҳукуматини Лосикни қамоқдан озод этишга чақириб келмоқда.