Олий Мажлис ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон қонунига амал қилмаётганидан норози

Telegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex 16 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ичида жойлашган серверларда қайта ишлашга мажбурлиги тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликлари Олий Мажлис норозилигига сабаб бўлди.

“Қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлсада ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди”, -дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтида.

Ўзбекистонда қабул қилинган “Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 27−1-моддасига асосан 16 апрелдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет компаниялари Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудидаги серверларда қайта ишлаши шарт экани белгилаб қўйилган.

Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Улуғбек Тошхўжаев 12 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида бу ҳақда маълумот берар экан, Telegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex ширкатларига Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя қилиш тўғрисида хатлар юборилгани тўғрисида маълумот берган. Расмийга кўра, бу хатларга шу кунгача жавоб олинмаган ва қонун талабига риоя этилиши ортга сурилмоқда.

Қонунга асосан мазкур ижтимоий тармоқларнинг шахсга доир маълумотлар базалари Ўзбекистон давлат реестрида рўйхатдан ўтказиши шарт. Бу талабга амал қилмаган ширкатларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Йиғилишда депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли киберҳужумлар уюштириб келинмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланган.