Вазирнинг кутилмаган буйруғи масофавий ўқиётганларни ўқишини кўчириш ҳуқуқидан маҳрум қилди

Тожикистон. Садриддин Айний номидаги педагогика университетининг ўзбекистонлик талабалари ҳужжатларини талаб қилмоқда. 2020, 11 февраль.

“Пухта ўйлаб, кейин қарор қабул қилишса, ўғлим сарсон бўлмас эди. У Қозоғистондаги ўқишидан чиқиб олди, Ўзбекистонда эса қабул қилинмади”. Бу гапни Озодликка нукуслик талабанинг отаси айтди.

Отанинг айтишича, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўғлининг ўтган ойда қабул қилиб олган ҳужжатларини куни кеча қайтариб берган.

Университет расмий вакили қўшни давлатларда ўқишнинг масофавий турида ўқиётганлар қабул қилинмаслиги, бунга Олий таълим вазирининг 3 мартдаги буйруғи асос эканлигини билдирди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида яшовчи Элмурод Давлетовнинг ўғли Азиз Каспий давлат технология ва инжиниринг университетининг 2-курс талабаси эди.

Азиз, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирининг 6 февралдаги буйруғи чиққач, уч қўшни давлатда ўқиётган минглаб ватандошлари қаторида Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Ишчи гуруҳи 14 февралда Азизнинг ҳужжатларини қабул қилиб олди.

Бироқ ўтган ҳафта охирида Азизнинг Бердаққа қабул қилинмаслиги маълум бўлди.

Эҳтиросларини жиловлашга уринар экан, Элмурод Давлетов бундай деди:

Ўзимизда ўқиймиз экан, деб суюнишди. Мана энди келганда дистанционнийда ўқийсан экан, деб олмаяпти.

- Келсангиз, халқнинг ўртасида туриб гапирган бўлардим. Ўзлари чақиришди. Болалар ҳаммаси келди. Ўзимизда ўқиймиз экан, деб суюнишди. Мана энди келганда дистанционнийда ўқийсан экан, деб олмаяпти.

Озодлик Каспий университетида “дистанционний”да ўқигани учун Қорқалпоқ давлат университетига қабул қилинмаган яна бир талаба билан гаплашди. Унинг ташвишлари ҳам Азизникининг айнан такроридир.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори телефонини кўтарган ходим таълимнинг масофавий шаклида ўқиётган талабалар Олий таълим вазирининг 156- буйруғига биноан қабул қилинмаётганини Озодликка билдирди.

  • Масофавий таълим ўқитувчи ва талабанинг информацион технологиялар ёрдамидаги масофадаги ўзаро мулоқоти асосига қуриладиган таълим шаклидир.

Университет вакили тилга олган 156-буйруқни Олий таълим вазири 3 мартда имзолагани маълум бўлди.

Олий таълим вазирининг 2020 йил, 3 мартдаги буйруғи

Буйруқда қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмаслиги белгилаб қўйилган.

Вазир ўз буйруғини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси мажлисининг 2020 йил 28 февралдаги 13- баёни қарорида (ҳужжатда айнан шундай: “баёни қарорида” дейилган) белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсади билан тушунтирган.

“Масофавий” ва “онлайн” талабаларга нисбатан вазирнинг 3 мартдаги буйруғида белгилаб қўйилган бундай чеклов унинг 6 февралдаги 92- буйруғида йўқ эди.

6 февралдаги буйруғи билан уч қўшни давлатдаги минглаб ўзбекистонлик талабани, жумладан масофавий ва онлайн ўқиётган талабаларни жойидан қўзғаб қўйган вазир, орадан бир ой ўтгач, нега ўз қарорига ўзгартиш киритди?

Бу саволга жавоб олиш учун Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати ва масалани билиши мумкин бўлган бошқармалари билан кун давомида баоғланиш уринишлари натижасиз қолди.

Бироқ Озодликда вазирлик расмий вакилининг Қозоғистонда масофавий ўқиётган бир талаба билан айнан шу масаладаги мулоқот аудиоси бор.

Мулозим вазирнинг буйруғи таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси мажлисининг 2020 йил 28 февралдаги қарори “синчиклаб ўқилганидан сўнг” чиқарилганини, бу буйруқ ортидан ҳужжатларини Қозоғистондан, хусусан Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетидан чиқариб олганлар аро йўлда қолганини тан олади.

Масофавийда ўқийман деяпсиз, агар ҳужжатларинингизни олмаган бўлсангиз, олманг. Сизни барибир қабул қилишмайди.

“Масофавийда ўқийман деяпсиз, агар ҳужжатларинингизни олмаган бўлсангиз, олманг. Сизни барибир қабул қилишмайди. У ердаги ўқишингиздан ҳам қуруқ қолиб ўтирманг”, деб маслаҳат беради вазирлик мулозими талабага.

Мулозим талаба билан мулоқот давомида вазирда айб йўқлигини, у Давлат комиссияси талабини бажарганини тушунтиришга уринади.

Озодлик Олий таълим вазирининг 3 мартдаги буйруғи ортидан ҳаммаси бўлиб қанча талаба на у ёқда эмас, на бу ёқда эмас – муаллақ қолаётганини аниқлай олмади. Вазирлик расмий сайтида бу масалага оид маълумот кўринмади.

Жорий ўқув йилининг биринчи ярмида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги олий ўқув юртларида 30 мингдан ўзбекистонлик ўқигани Озодликка маълум.

Мавзунинг "эски" қаҳрамонлари

Шу мавзудаги аввалги материалларимиз қаҳрамонлари билан боғландик.

Чимкентдаги Silkway халқаро университетининг Рус тили ва адабиёти факультети 1-курси талабаси, сирдарёлик Шаҳриёрнинг 9 мартда Озодликка билдиришича, у ҳужжатларини 17 февралда Гулистон давлат университетига топширган. “Ҳужжатларини 15 февралгача топширганларга қарор чиқди, деб эшитдим. Мен кутаяпман”, деди Шаҳриёр.

Бизга буйруқ чиқибди, деб эшитдим. Ўқишга қабул қилинсин, деган буйруқ.

Душанбедаги Садриддин Айний номидаги педагогика университети, Педагогика факультети 1- курс талабаси, сурхондарёлик Наврўз ҳужжатларини Термиз давлат университетига топширган. “Бизга буйруқ чиқибди, деб эшитдим. Ўқишга қабул қилинсин, деган буйруқ. Бориб олиб келишим керак”, деди Наврўз.

  • Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирининг қўшни давлатлардаги талабаларни ўқув йили ўртасида қайтаришга доир буйруғи мамлакат президенти маъмурияти топшириғига биноан чиқарилгани маълум бўлгани тўғрисида Озодлик ёзган эди.
  • 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтирган.
  • Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.
  • Вазирнинг 6 февралдаги буйруғида муддат 7 февралдан 15 февралгача қилиб белгиланган эди.