Олмаотада 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида аёллар юришини ўтказишга изн берилди. Бу ҳақда маршни уюштираётган гуруҳлардан бири маълум қилди.
2020 йилда Олмаотада 8 март куни бўлиб ўтган феминист гуруҳлар маршида 200 га яқин киши қатнашган эди.
Акция давомида иштирокчилар «Ҳар бир аёл муҳим» сўзлари ёзилган дафн гулчамбарига ўт қўйган эдилар. Полиция буни «безорилик» деб баҳолаган ва юриш қатнашчиларидан икки нафарини жаримага тортган.
Ўшанда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини ушбу жазони дарҳол бекор қилишга чақирганди.
2021 йилги марш тинч йиғинларни ўтказиш тўғрисидаги янги қонун асосида ўтказилади. Бу қонун Қозоғистон расмийлари, шу жумладан, президентнинг мамлакатда митинглар ва бошқа тинч норозилик намойишлари ташкил этилишига йўл очиб бериш ваъдаси ортидан ишлаб чиқилди.