Олмаотада Шинжонда қамалган қозоқларни озод этиш талаби билан пикет ўтказилди

Олмаотада пикет ўтказган аёллар.

Хитойнинг Олмаотадаги консулхонаси олдида 8 февралда уч нафар аёл Шинжонда қамалган қариндошларини озод этиш талаби билан пикет ўтказди. Улар қўлларига қариндошларининг суратларини кўтариб олиб, “Хитойдан геноцидни тўхтатишни талаб қиламиз” деб айтишди.

“Лагерларни ёпиб, у ердаги мусулмонларни бўшатсинлар! Тўрт йил ичида қанча кулфатни бошимиздан кечирдик. Эримнинг бўшатилишини талаб қиламан”,-деди пикетга чиққанлардан бири Гулнур Косдаулет қизи.

Консулхона қўриқчиси карантин муносабати билан пикетчилар билан консуллик вакили учраша олмаслигини билдирди.

Маҳаллий маъмурият вакиллари эса аёлларга пикет ноқонуний эканини уқтирмоқчи бўлди. Пикетга чиққан аёлларни полиция ходимлари назорат қилиб турди.

Шинжонда бир ярим миллионга яқин қозоқ яшаши айтилади.

Халқаро ҳамжамият Хитойни Шинжон-Уйғур мухториятида уйғур ва бошқа мусулмон миллатларга мансуб бўлган камида 2 миллион кишини «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақлаётгани, уларни мажбурий меҳнатга мажбур қилаётгани ва хўрлаётганини танқид қилиб келади.

Вашингтон 3 февраль куни эълон қилган расмий баёнотида ҳам Хитойни Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларга нисбатан “инсониятга қарши жиноятларда ва геноцидда” айблаган эди.