Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг шарқий қисмидаги темир йўл тармоғи модернизациясини якунлаш учун 121 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бериш қарорини маъқуллаган. ОТБ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу кўмак Фарғона водийсида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, савдо-сотиқ ва минтақавий алоқани яхшилаш учун кўрсатилмоқда.
Ажратилган молиявий ёрдам Поп, Наманган ва Андижон шаҳарлари ўртасидаги темир йўлларнинг 145 километрини электрлаштириш учун ОТБ томонидан 2017 йилда Ўзбекистонга берилган 80 миллион долларлик қарзга қўшимча бўлган.
Қайд этилишича, Фарғона водийси вилоятларида темир йўл тармоғининг модернизация қилиниши одамлар учун соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда ишга жойлашиш бўйича имкониятларни яхшилаши кутилмоқда. Шунингдек, бу Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасидаги туризм ва савдо-сотиқни ривожлантиришга кўмаклашади, чунки темир йўл тармоғи Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури 2-йўлагининг бир қисми бўлиб ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда юкларнинг 30-40 фоизи ва йўловчиларнинг 3-4 фоизи темир йўллар орқали ташилади. Пойтахт Тошкентни Қамчиқ довони орқали Фарғона водийсига боғлайдиган темир йўл Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам узанган. Бироқ совет замонида қурилган темир йўл айни пайтда модернизацияга муҳтож экани айтиб келинади.