Пандемия даврида Олий мажлис депутатлари уйларини таъмирлашга 1,2 миллиард сўм сарфланди

Иллюстратив сурат.

Олий мажлис депутатларининг квартираларини таъмирлаш учун коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин жорий этилган 2020 йилда 1 миллиард 200 миллион мўи сарфланди.

Бу маблағ ҳисобига Тошкентнинг Яшнобод туманида жойлашган тўртта квартира, Миробод туманида жойлашган 21 та квартира таъмирланган.

Анхор нашрининг расмий ҳужжатларга таяниб хабар беришича, квартираларни таъмирлаш учун 696 миллион сўмлик биринчи шартнома 2020 йилнинг 27 апрелида, 550 миллион сўмлик иккинчи шартнома 2020 йил 28 апрелда имзоланган.

Ҳужжатларда қайд этилишича, муассиси Каримов Бекзод Теоманович бўлган Sarvar Komila Sifat Qurilish МЧЖ ва муассиси Расулбеков Равшан Шухратбекович бўлган Buyuk Quruvchi корхонаси шуғулланган.

“Лойиҳа қарорига кўра, ушбу квартирадарда шифтлар ва деворларни бўяш, металл эшиклар, эшик ва дераза блокларини ўрнатиш, полларни линолеум билан қоплаш, деворларни керамик плита билан қоплаш, сантехника ва электр монтаж ишлари ва ҳоказоларни амалга ошириш кўзда тутилган”,- деб ёзди нашр.

Озодлик радиоси 2021 йилнинг 18 февралида Халқаро валюта жамғармаси пандемия Ўзбекистон иқтисодиётига 2020 йилнинг биринчи ярмида жиддий зарба берганини қайд этгани тўғрисда хабар қилганди.

“2020 йилда Ўзбекистонда 1,6 фоиз ўсиш кузатилди. Бу пандемиягача бўлган прогнозлардан 4 фоизга оздир”,-дейилади Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботда.