Пандемия йилида ўлганлар сони аввалги йилдан 13,5 фоизга кўп бўлди

Статистика қўмитаси коронавирусдан қанча одам ўлгани юзасидан биронта маълумотни келтирмаган.

Ўзбекистонда 2020 йилда ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 13,5 фоизга кўп бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилди.

2020 йилда Ўзбекситонда жами 175 минг 600 киши вафот этди. Ўлим сони ҳар 1000 кишига 5.1 промиллени ташкил қилди. 2019 йилда бу кўрсаткич ҳар 1000 кишига 4,6 промиллени ташкил қилган.

Ўлимларнинг 60 фоизи юрак-қон томир, 8 фоизи ўсимталар, 7,2 фоизи нафас йўли, 4,4 фоизи ошқозон-ичак, 4,4 фоизи заҳарланишлар, жароҳатлар, инфекцион ва паразитар, 11,6 фоизи бошқа касалликлар оқибатида юз берган. Ўлимларнинг 4,4 фоизи бахтсиз ҳодисларга тўғри келган.

Статистика қўмитаси коронавирусдан қанча одам ўлгани юзасидан биронта маълумотни келтирмаган ва ҳисоботда коронавирус деган сўз қайд этилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йилнинг 18 январида коронавирусдан 620 киши ўлганини билдирган.

Республика бўйича энг кўп ўлим ҳолати Тошкентда рўйхатга олинган. Ўлимлар сони 2020 йилда Тошкентда 2019 йилга нисбатан 5717тага кўпайган ва 21,2 мингтани ташкил қилган.