Ўзбекистонда мактабларнинг бўш турган бинолари ва ер майдонлари тадбиркорларга ишончли бошқарувга берилади. Таълимда бошқарувнинг янги шаклини жорий қилиш президентнинг 6 ноябрда имзолаган фармонида кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, тадбиркорларга синф хоналарининг 30 фоизи ва ундан кўп қисми бўш турган мактаблар берилади.
Жой етишмагани сабабли аксарияти икки сменада ишлайдиган қарийб 10 мингта мактабдан қанчаси фармонда кўрсатилган талабга жавоб бериши, яъни тадбиркорга берилиши ҳозирча маълум эмас.
Президент Мирзиёев 6 ноябрда имзолаган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон кенг қамровли ҳужжатдир.
Фармоннинг мавзуга оид қисми
Баъзи мактабларни тадбиркорларга ишончли бошқарувга беришга оид кўрсатмалар президент фармонида белгилаб қўйилган чоралардан биридир.
Фармоннинг 5- бандида ишончли бошқарувга бериш шартлари баён қилинган.
“Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги навбатлилик коэффициенти 0,7 дан паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга (кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан) бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”.
Ўқитувчининг маошини ким тўлайди?
Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова 12 ноябрда Озодлик сўровига жавобан фармоннинг бугунги мавзуга алоқадор қисмини шарҳлаб берди:
0,7 коэффициент тўғрисида: Бу - мактабдаги мавжуд ўқувчи ўринларининг 70 фоизида ўқувчи бор, қолган 30 фоизи бўш турибди, дегани. 0,7 ҳамда ундан оз коэффициентли мактаблар тадбиркорларга 5 йил муддатга ишончли бошқарувга берилади.
Ўқитувчиларга иш ҳақини ким тўлаши тўғрисида: Мактаб тадбиркорга берилгунга қадар ўқиган ва бундан кейин ҳам ўқийдиган контингент билан ишлайдиган ўқитувчиларга иш ҳақини давлат тўлайди.
Тадбиркор нимадан пул қилади?
Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг изоҳ беришича, ишончли бошқарувга олган тадбиркор мактабдаги бўш ўринлар ҳисобидан янги синфлар ташкил қилади, бу синфлар пуллик бўлиши мумкин, ота-оналар хусусий мактабга тўлагандай пул тўлайди.
Бу синфларда ишлайдиган ўқитувчиларга иш ҳақини тадбиркор беради. Мактабнинг бўш турган хоналари ҳамда ер майдонидан тўгараклар, курслар ташкил қилиш учун фойдаланиши мумкин. Таълимдан бошқа мақсадларда фойдаланиши, масалан, ишлаб чиқариш цехлари қуришга ҳақли эмас.
Тадбиркорнинг мажбуриятлари тўғрисида: Мактаб микроҳудудидаги болаларни шу мактабда ўқитиш мажбуриятини олади, мактабнинг кўрсаткичларини кўтаради, бинони таъмирлайди, моддий техник базасини мустаҳкамлайди.
Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг айтишича, тадбиркор ўзи очадиган пуллик синфларда ишлайдиган ўқитувчиларга иш ҳақини қанча тўлаши ҳали маълум эмас. “Критерийлар ишлаб чиқилмоқда”, деди матбуот котиби.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Вазир ўринбосари жавобсиз қолдирган савол
Масаланинг ҳозирча номаълум бўлган яна бир жиҳати бор: мамлакат бўйлаб нечта мактаб тадбиркорга ишончли бошқарувга берилади? Шу масалага оид маҳаллий телеканал мухбирининг куни кеча Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида берган саволини Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев жавобсиз қолдирди.
Афтидан, қанча мактабнинг, вазир ўринбосари "хусусийлаштириш эмас"лигига урғу берган тадбиркорларга ишончли бошқарувга берилиши ҳозирча номаълум. Айни саволга жавоб вилоят халқ таълими бошқармаларидан ҳам топилмади.
Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими 13 ноябрь куни Озодлик саволларига исми айтилмаслик шарти билан жавоб берар экан, “бўш турган синф хоналари бор мактабларни шахсан мен билмайман. Фармонда айтилгандай, 0,7 коэффициентли ёки ундан ҳам озроқ мактаблар аҳоли энди уй қуриб, кўчиб бораётган ҳудудларда бўлиши мумкин. Лекин у мактабларда ҳам коэффициент вақт масаласидир. Мактаблар бир-икки йилдаёқ тўлиб қолади”, - деди халқ таълими бошқармаси вакили.
Мулозим билан мулоқотдан Президентнинг 6 ноябрдаги фармони пухта тайёрланмаганмикан, деган таассурот пайдо бўлди: шу кунда бошқарма мулозимлари фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар устида иш олиб борилаётгани, хусусан, тадбиркорларга берилиши мумкин бўлган мактабларни аниқлаш ишлари ҳам кетаётгани айтилди.
Президент фармони ташвишларни кучайтириши мумкин
Президентнинг мактабларни тадбиркорларга ишончли бошқарувга беришга доир фармонини баъзи ҳокимлар суиистеъмол қилиши мумкинлиги тўғрисида ташвишларни пайдо қилмоқда. Бундай ташвиш Фарғона вилоят Бешариқ тумани Дала-Ҳамид Олимжон МФЙ аҳолисида пайдо бўлиши эса, аниқ. Куни кеча 680 хўжалик номидан Озодликка мурожаат қилганлар туман ҳокими мактабга тегишли болалар ўйингоҳини бузиб, тадбиркорга дўкон, тўйхона ва чойхона қуришга бериб юбораётганидан арз қилган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Президент фармонига биноан “умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонларини ишончли бошқарувчига ажратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқ таълими вазирининг қабул қилган қарорига асосан амалга оширилади”.
Бепул таълим хавф остидами?
Ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонликлар, давлат бюджетидан молиялашнинг сақланиб қолишига қарамасдан, амалда бу каби тажриба бепул таълимни хавф остига қўйиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.
Айримлар янгича бошқарувни "ота-оналардан пул йиғишни қонунийлаштириш" деб ҳам изоҳлашган.
Бу каби хавотирларнинг сабаби сўнгги йилларда давлат объектлари ёки аҳоли уй-жойларининг хусусий сектор, айниқса, қурилиш ширкатлари томонидан катта суръатларда ўзлаштирилаётгани.
Айрим таҳлилчиларга кўра, алоҳида мактабларнинг тадбиркорларга ишончли бошқарувга берилиши уларнинг юридик мақомини ўзгартиради.
Тадбиркорнинг ўз ҳисоб рақами асосида иш юритиши мактабга ажратилган молиянинг мақсадли сарфланиши ва ҳисобдорлик юзасидан саволларни ҳам ўртага чиқаради.
Ушбу ҳолатда мактаблар бюджетини ким назорат қилади ёки уларга, хорижий тажрибада бўлгани каби, васийлик кенгашлари ё-да ота-оналар қўмиталарининг ҳам жалб қилиниш-қилинмаслиги маълум эмас.
Бу ва бошқа саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.
Халқ таълими вазирлигига кўра, 2019-2020 ўқув йилида мамлакатдаги 9942 та умумий ўрта таълим мактабида 6119440 ўқувчи ўқиган.