Пандемия даврида 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан зиёд фуқарога 34 триллион сўмга яқин имтиёзлар берилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан халққа йўллаган табригида маълум қилди.
Президентнинг айтишича, 2020 йил давомида пандемия шароитидан келиб чиқиб, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди.
Шавкат Мирзиёев ўз табригида пандемия даврида хориж давлатларида қийин аҳволда қолган ўзбекистонликлар масаласига ҳам эътибор қаратди.
Табрикда айтилишича, хориждан 500 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин ватандошга турли ёрдамлар кўрсатилди.
Президент ўз табригида Ўзбекистонда узоқ йиллар яшаб, аммо фуқароликка эга бўлмай келган шахсларнинг муаммолари ҳал этилганини ҳам тилга олди.
“Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, бугунги кунда 50 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлмоқда. Бу эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавоб бўлади”,-дейилади табрикда.