Олийгоҳларнинг “Физика”, “Биотиббиёт физикаси”, “Физика ва астрономия” йўналиши бакалавриатида ўқиб, физика бўйича республика ва нуфузли халқаро олимпиадалар совриндори бўлган талабалар давлат гранти асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади.
Адлия вазирлигининг 23 мартда билдиришича, президент 19 март куни имзолаган “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ушбу меъёр белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
Шунингдек, 2022–2024 йилларда жами 21 та ОТМнинг физика фани бўйича ўқув лабораториялари замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
2021/2022 ўқув йилидан эса олий таълим тизимида физика фанлари соҳаларга мослаштирилган ҳолда ўқитилади.
2021 йил 1 ноябргача ёшлар ўртасида физика фанларига қизиқишни ошириш мақсадида “Ёш физиклар портали” ишга туширилади.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети тузилмасида физика соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи “Самарқанд давлат университетининг муҳандислик физикаси институти” ташкил этилади.
Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Фанлар академияси ҳузуридаги Ядро физикаси институти ва Ион-плазма ва лазер технологиялари институтига физика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Dsc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этилди.