Президент қайси маҳаллага боришини ҳеч ким билмаслигини айтгани иддао қилинди. Президент расмий сайти бу ҳақда хабар бермади

“Энди мен вилоятларга ташриф буюрганимда қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди”. Телеграмдаги “Расмий хабарлар” каналининг иддао қилишича, президент Шавкат Мирзиёев бу гапни 10 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида гапирган.

Айни пайтда президент фаолиятини ёритиб бориш ваколатига эга бўлган президент матбуот хизмати сайтида бу борада биронта маълумот берилмаган.

10 февраль куни президент матбуот хизмати расмий сайтида Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан мулоқот қилгани ҳақида битта хабар берилган, холос. Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам бу ҳақда гапирилмади.

“Расмий хабарлар” каналининг иддао қилишича, президент давлат дастурида режалаштирилган вазифалар бўйича видеоселектор давомида телемулоқот орқали Наманган вилоятидаги режаларни ўрганди ва вилоят ҳокими билан бирга айни пайтда вилоятда бўлиб турган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг ҳисоботларини тинглади.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев: “Намангандаги ҳар бир соҳа қайта кўриб чиқилиши керак. Энди қоғозда ура-ура қилиш даври ўтди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ўрганинглар. Чодакдаги ҳавонинг ўзи бойлик, туризм бўйича қанча имкониятларимиз бор. Энди мен вилоятларга ташриф буюрганимда қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди”,- деб айтган.

Мирзиёев 6 февралда - Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи кунида кутилмаганда Фарғона шаҳар “Шодиёна” маҳалласига бориб, аҳоли вакиллари билан учрашган ва шундан сўнг шаҳар раҳбариятини ишдан олган эди.