Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимларни танқид қилди.
“Ҳамма туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари бир хил ишламаяпти, кўпи ишлашни хоҳламайди. Мана шу савол бугун ҳаммани қийнаши керак. Қашқадарёда, минг афсуски, натижа мутлақо йўқ. Йўлда ҳам йўқ, сувда ҳам йўқ, йўлнинг сифати ҳам йўқ. Илм йўқ қишлоқ хўжалигида, ҳосилдорлик йўқ, пахтанинг нави йўқ”, — деди президент.
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги ҳар бир оила камида 20 сотих томорқага эга эканини таъкидлар экан: “Ҳар бир хонадонда 20 сотих ер бўла туриб камбағал яшаш дунёда йўқ”,-деб айтди.
Шавкат Мирзиёев бош вазирга ва вазирларга Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда ҳисобот қабул қилиш вазифасини юклади. Вазирлар ҳисоботлар юзасидан президентга маълумот беришлари шарт бўлади.
Шавкат Мирзиёевга кўра, мана шу ҳисоботлар натижаларига қараб ҳар чоракда кимни ишдан олиш, кимни рағбатлантириш ҳақида қарор қабул қилинади.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев йиғилишлардан бирида Қашқадарё республикада энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилгани ҳақида гапирган эди.