ЎзЛиДеПнинг 9 сентябрда ўтаётган Х қурултойида президентликка номзод сифатида тасдиқланадиган Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида Ўзбекистон халқига қатор ваъдаларни берди.
Президент қурултойда сўзлаган нутқи давомида беш йил ичида Ўзбекистондаги ҳар бир хонадон юқори тезликдаги интернетга уланишини маълум қилди.
Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев: “2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан оширамиз”,- деб баралла айтди. Айни пайтда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад йилига 1700 долларни ташкил қилади.
Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда президент сифатида чегаралар хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, Афғонистон халқига қўлдан келган барча ёрдамни беришга ҳам ваъда берди.
Президентнинг қолган ваъдалари маҳаллий матбуот сарлавҳаларида қуйидаги тарзда ифодаланди:
Шавкат Мирзиёев: «200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига узоқ муддатли ижарага берилади»
Президент: «Дарахт кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинади»
Ҳокимликка номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади – Президент
Шавкат Мирзиёев: Журналистлар ҳамиша президент ҳимоясида бўлади