Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғ юзасидан эришилган шартнома имзоланганидан икки ой ўтиб Арманистон бош вазири ва Озарбайжон президенти билан уч томонлама музокаралар ўтказади.
Кремльнинг билдиришича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян 11 январда Тоғли Қорабоғ шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажариш масаласини муҳокама қилади.
“Асосий эътибор жанговар ҳаракатлар натижасида зарар кўрган туманлар аҳолисига кўмак кўрсатиш, савдо ватранспорт алоқасига қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш масалаларига қаратилади”,-дейилади расмий баёнотда.
Кремль Владимир Путин Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари билан алоҳида-алоҳида учрашишини билдирди.
2020 йилнинг 9 ноябрида Москва воситачилигида эришилган шартномага кўра, Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ва унинг атрофидаги барча етти туман Озарбайжон назоратига ўтади.
Тоғли Қорабоғ жаҳон ҳамжамияти томонидан Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинган. Аммо 1990 йиллардаги уруш ортидан ҳудудни ва унинг атрофидаги ерларни этник арман кучлари назорат қилиб келаётган эди.
2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги урушда Бокунинг қўли устун келган. Шундан сўнг 9 ноябрда Москва воситачилигида оташкесим келишувига эришилгани ва 10 ноябрдан жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши эълон қилинган эди.