АҚШ Қирғизистон божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг хотини Уулкан Тургуновага нисбатан ҳам “Магнитский рўйхати” доирасида санкция жорий қилди. Бу ҳақда 10 декабрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео “Твиттер” саҳифасида маълум қилди.
“Бугун мен собиқ қирғиз амалдори Раимбек Матраимов билан унинг хотинини коррупциявий тандем тузгани учун “Магнитский рўйхати”га киритдим. АҚШ коррупцияга қарши курашади ва жаҳонда инсон ҳуқуқларини бузганлар учун жавобгарликни кучайтиради”, - деб ёзди Помпео.
9 декабрда АҚШ Молия вазирлиги Раимбек Матраимов “қора рўйхат”га киритилганини эълон қилган эди.
АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган билдирувда айтилишича, Матраимов Қирғизистонда кенг миқёсли коррупциявий схемани тузган ва пул ювишда иштирок этган.
Расмий билдирувда 49 ёшли Матраимов мамлакатдан ноқонуний равишда камида 700 миллион долларни олиб чиқиб кетган, божхона тўловларини четлаб ўтиш мақсадида мансабдор шахсларни сотиб олган ва пул ювган, деб айтилади.
АҚШда 2012 йилда қабул қилинган Магнитский қонуни асосида “қора рўйхат”га инсон ҳуқуқларини бузган ва жиддий коррупциявий схемаларга аралашган шахслар киритилади.