Рамзан Қодировни “шайтон” деб атаган ўсмирнинг оиласи узр сўради

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров.

Инстаграмдаги комментида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни “шайтон” деб атаган ўсмирнинг отаси ва қариндошлари ундан узр сўраб чиқишди. Кечирим сўраш видеолавҳаси “Грозний” давлат телеканалида кўрсатилган.

15 ёшли ўқувчининг отаси ўғлини “нотўғри тарбия қилгани учун” узр сўради ва у билан жиддий шуғулланишга ваъда берди. Бу пайтда ўсмирнинг ўзи отаси ёнида ўтирганди.

Бундан ташқари, телеканалда узатилган роликда ўзларини ўсмирнинг қариндошлари деб таништирган беш нафар эркак ҳам кўриниш беришган: улар, камерадан юзларини тортган ҳолда, боланинг хулқи туфайли уятга қолишганини айтганлар.

“Грозний” канали мухбирига кўра, ўсмир асли Доғистондан бўлиб, ҳозирда отаси билан Москва вилоятининг Чехов шаҳрида истиқомат қилади.

17 май куни инстаграмдаги эфири чоғида Қодиров уни “шайтон” деб коммент қолдирган фойдаланувчига уни излаб топиш ва йўқ қилиш билан таҳдид қилганди.

Камера қаршисида кечирим сўрашга мажбурлаш амалиёти Чеченистонда оддий ҳолатга айланган. Қодировнинг танқидчилари ва уларнинг қариндошлари тез-тез омма олдида камситилиб, сазойи қилинади.