Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 2020 нинг 1 январига нисбатан 30,8 фоизга кўпайди ва пул миқдорида 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилди.
Молия вазирлигининг билдиришича, бу ички ялпи маҳсулотнинг 40,4 фоизини ташкил қилади.
Вазирлик аввалроқ давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизига етгунига қадар хавфсиз ҳисобланишини билдирганди.
Расмий ҳужжатда таъкидланишича, 23 миллиард 300 миллион долларнинг 21,1 миллиарди ташқи қарз. Унинг 15,1 миллиард доллари, яъни 71,4 фоизи ҳукумат томонидан олинган қарз, 6 миллиарди ҳукумат кафолати остида тадбиркорлар томонидан олинган қарз.
Давлатнинг ички қарзи эса 23,3 триллион сўмни ёки 2, 2 миллиард долларни ташкил қилган. Бу қарзнинг 400 миллион доллари давлат қимматли қоғозлари, 1 миллиард 800 миллион доллари ҳукумат кафолати остидаги ички қарз ҳиссасига тўғри келади.
2020 йилнинг сентябрида Марказий банк Ўзбекистон давлат қарзи 29,3 миллиард долларга етгани ҳақида хабар берган эди.
Молия вазирлиги ва Марказий банк ҳисоботлари ўзаро зид келмоқда. Бироқ айни пайтда молия вазирлиги ташқи қарз бўйича расмий ҳисоботни эълон қилди ва бошқа манба бўлмагани учун Озодлик мазкур вазирлик рақамларига таянди.
Икки йилда давлат қарзи икки баробарга кўпайди
Молия вазирлиги 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган давлат қарзининг ўсиш динамикасини ҳам эълон қилди.
Расмий маълумотларга ишониладиган бўлса, 2018 йилда давлат қарзи 11,5 миллиард доллар эди. Бунинг 7,5 миллиарди давлат ташқи қарзи. 4 миллиард доллари давлат ички қарзи.
2019 йилда давлат қарзи 14 миллиард 700 миллион доллар. Бунинг 9 миллиард 900 миллион доллари ташқи қарз, 4 миллиард 800 миллион доллари давлатнинг ички қарзи.
2020 йилнинг 1 январида давлат қарзи 17 миллиард 800 миллион долларни ташкил қилган. Бунинг 15 миллиард 700 минг доллари давлат ташқи қарзи ва 2 миллиард 200 миллион доллари ички қарз бўлган.
2021 йилнинг 1 январига келиб давлат қарзи 5,5 миллиард долларга кўпаган ва 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилган. Бу 2018, 2019 ва 2020 йиллардаги қарзлардан кўпроқдир.
Молия вазирлиги тақдим этган ҳисобот таҳлил қилинадиган бўлса, аниқ бўладики, 2019 йилда давлат қарзи 2018 га нисбатан 3 миллиард 200 минг долларга, 2020 йилда 2019 га нисбатан 3 миллиард 100 миллион долларга, 2021 йилнинг 1 январига нисбатан 2020 йилдагига кўра 5,5 миллиардга кўпроқ.
2020 йилда давлат қарзи нималар ҳисобига кўпайди?
Молия вазирлигининг билдиришича, 2020 йилда ташқи қарзлар бўйича кўпи билан 5,5 миллиард долларлик келишувлар имзоланши назарда тутилган эди. 2021 йилда эса Ўзбекистон 5 миллиард доллардан кўп қарз олмаслиги режалаштирилган.
Ўтган йили Ўзбекистон номидан олинган қарз шартномалари 4,4 миллиард долларни ташкил қилган. Жумладан, давлат кафолати остида 1 миллиард доллар, ички қарз олиш бўйича ярим триллион сўмлик, давлат қимматбаҳо қоғозлари бўйича 2,7 триллион сўмлик шартномалар имзоланган.
Хориждан олинган бир неча йиллик қарзлар нималарга ишлатилди?
Бюджетни қўллаб-қувватлашга- 3.7 миллиард доллар.
Электрэнергетика соҳасига — 2,9 миллиард доллар.
Нефть ва газ соҳасига — 2,6 миллиард доллар.
Транспорт ва транспорт инфраструктурасига — 2,4 миллиард доллар.
Коммунал хўжалик — 2,3 миллиард доллар.
Қишлоқ хўжалиги — 2,2 миллиард доллар.
Суверен халқаро облигациялар — 1,7 миллиард доллар.
Халқ таълими ва саломатликни сақлаш — 700 миллион доллар.
Кимё саноати — 1 миллиард доллар.
Телекоммуникация — 200 миллион доллар.
Бошқа соҳаларга — 1 миллиард 100 миллион доллар.
Ўзбекистон кимлардан қарз олган?
Молия вазирлиги ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон энг кўп қарзни Осиё тараққиёт банкидан олган. Ўзбекистоннинг бу банкдан қарзи 5 миллиард долларни ташкил қилади.
Бундан ташқари Халқаро банк 3 миллиард 700 миллион доллар қарз берган.
Аммо Ўзбекистон Халқаро банкдан кўра кўпроқ Хитойдан қарз олган. Жумладан, Хитой тараққиёт банкидан олинган қарз 2 миллиард долларни, Хитойнинг Эксимбанкидан олинган қарз 2 миллиард долларни ташкил қилади. Бу эса Халқаро банкдан олинган қарздан 300 миллион долларга кўпроқ.
Бундан ташқари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги 2 миллиард доллар, халқаро инвесторлар 1 миллиард 700 миллион доллар, Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш фонди ва бошқалар 1 миллиард доллар, Ислом тараққиёт банки 900 миллион доллар қарз берган.
Япония халқаро ҳамкорлик банки ва бошқалар берган қарз 400 миллион долларни, бошқа халқаро молия институтлари берган қарз 2,4 миллиард долларни ташкил қилади.
Давлат қарзини тўлаш 2020 йилда қандай бўлди?
Молия вазирлиги ҳисоботида 2020 йилда Ўзбекистон 1 миллиард 800 миллион доллар қарзини тўлагани айтилади.
Давлат ташқи қарзи бўйича 1 миллиард 100 миллион доллар тўланган. Унинг 656,5 миллиони қарзнинг асосий тўлови ва 405,1 миллиони фоиз тўлови.
Давлат ички қарзи бўйича 666,9 миллион доллар тўланган. Унинг 515,5 миллиони асосий қарз ва 151,4 миллиони фоизлардир.
Президент давлат қарзи ҳақида қандай фикрда?
Президент Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида мамлакатдаги тўрт йирик компания “келгуси йилда халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади”, деди.
Мустақил иқтисодчилар фикрича, халқаро молия бозоридан давлат кафолатисиз кредит олиши учун давлат раҳбарининг баёноти етарли эмас. Бунинг учун давлат бу корхоналардаги улушидан воз кечиши, халқаро рейтинг агентликларида уларнинг кредит рейтинглари белгиланиши каби бир қатор талаблар бажарилиши керак.
Президент 29 декабрдаги мурожаатида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи масаласига ҳам тўхталиб, бундай деди: “Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра хавфсиз ҳисобланади”.
Ўшанда Марказий банк, 2020 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи 29,3 миллиард долларга етгани ҳақида хабар берган эди.