Роскомнадзор Googleдан Россиянинг RT телеканали немис тили таҳририятига қарашли қатор YouTube каналларни қайта тиклашни талаб қилди. Роскомнадзор, Google бу талабни бажаришдан бош тортса, YouTubeни Россия ҳудудида блоклашини билдирди.
Роскомнадзор баёнотида таъкидланишича, RTга қарашли каналларнинг ёпилиши “ахборотни эркин тарқатиш тўғрисидаги асосий тамойилларга зид келади” ва бу “Россия матбуотини цензура қилиш ҳаракатидир”.
RTнинг YouTubeдаги немис тилли икки канали қайта тиклаш ҳуқуқисиз батамом ўчирилиши ҳақида 29 сентябрга ўтар кечаси маълум бўлди. Билдирилишича, бунга RT томонидан бир неча марта YouTube ўрнатган тартибларнинг бузилиши сабаб бўлган.
Google эса каналларни COVID-19 тўғрисида ёлғон хабарларни тарқатгани учун ўчирганини маълум қилди. RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян бу воқеани “медиа уруши” сифатида баҳолади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги RT каналларининг ўчирилиши “мисли кўрилмаган даражадаги ахборот ҳуружи” эканини таъкидлаган ҳолда, Москва бунга нисбатан жавоб чораларини қўллашини билдирди.