Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати жорий йилнинг 26 ноябридан мамлакат ҳудудига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаб қўйди.
Россельхознадзор матбуот хизмати қайдича, бу чора Ўзбекистоннинг мазкур ҳудудидан келтирилган помидор ва қалампирларда вирус (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV)) аниқлангани важидан кўрилган.
Ташкилот зикр этилган вируснинг Россия ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, карантин ва ўсимликларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенция моддаларига асосланган ҳолда, Фарғонадан помидор ва қалампир импорт қилишга чеклов киритилганини билдирган.
Расмий маълумотларга кўра, Россия Федерацияси Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини энг кўп сотиб оладиган мамлакатлар учлигига киради.