Россия: “Калашников” концернини транспорт вазирининг собиқ ўринбосари сотиб олди

“Калашников” концернининг собиқ эгаси Алексей Криворучко.

Транспорт вазирининг собиқ ўринбосари Алан Лушников “Калашников” концернининг янги эгасига айланди.

“Коммерсантъ” нашри хабарига кўра, у ширкатнинг қарийб 75 фоиз акциясини назорат қилувчи “ТКХ-Инвест” МЧЖни сотиб олган. Концерн акцияларининг қолган қисмига “Ростех” давлат корпорацияси эгалик қилади.

Лушников акцияларни 2018 йили мудофаа вазирининг ўринбосари этиб тайинланган Алексей Криворучкодан сотиб олган. Мудофаа-ишлаб чиқариш мажмуасини яқиндан биладиган манбага кўра, Криворучко концерн акцияларини Мудофаа вазирлиги учун давлат буюртмасини бажараётган корхона билан алоқасини узиш мақсадида сотишга қарор қилган.

Лушников нашрга концернни сотиб олганини тасдиқлаган, бироқ савдо келишуви суммасини очиқламаган.

Молия бозоридаги манба эса байни тақрибан 1 миллиард рублга баҳолаган. “Коммерсантъ”нинг бошқа суҳбатдоши эса “Калашников” концернининг қарзи кўплиги, бу эса Лушников сотиб олган пакет нархини туширган бўлиши мумкинлигини қайд этган.

“Калашников” Россияда ўқотар қуролларнинг қарийб 95 фоизини ишлаб чиқаради. Лушниковга кўра, концерн янги технологияларга асосланган қуроллар, жумладан дронлар ва аниқ манзилли ракеталар ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантирмоқда.