Россия Тергов қўмитасининг Томск вилоят бошқармаси 3 май куни Миграция хизмати ходими Ўзбекистон фуқаросини калтаклагани юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилди.
Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мазкур воқеага муносабат билдириб, “ҳар томонлама ва объектив текширув ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Элчихонаси ҳамда Агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан Россиянинг ваколатли идораларига тегишли сўровномалар юборилгани” тўғрисида хабар берди.
“Мавжуд маълумотларга кўра, Россиянинг Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ушбу воқеа бўйича текширув ишларини бошлаган. Амалга оширилган ишлар натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилади”, - дейилади расмий хабарда.
2 май куни ижтимоий тармоқларда Россия Миграция хизмати ходими ўз ташкилоти биносида ўзбекистонлик эркакдан ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилгани, Ўзбекистон фуқароси эса унга паспортини кўрсатганини айтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортаётгани акс этган.
Шундан сўнг видео давомида ходим муҳожирни хоналардан бирига олиб киради ва хонада мавжуд бўлган бошқа одамлар кўз ўнгида ўзбекистонликни калтаклайди.
Мазкур воқеадан сўнг калтакланган Ўзбекистон фуқароси полицияга мурожаат қилган.