Россия МСК: Путин президент сайловида 87 фоиздан кўпроқ овоз билан пешқадамлик қилмоқда

Владимир Путин

Россия Марказий сайлов комиссияси, протоколларнинг 99,68 фоизини қайта ишлангани натижасига кўра, президент сайловида Владимир Путин 87,32 фоиз овоз билан олдинда бораётгани ҳақида маълумот тарқатди.

МСК қайдича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра Россия Компартияси (КПРФ) номзоди Николай Харитонов 4,3 фоиз, “Янги одамлар” (“Новие люди”) номзоди Владислав Даванков 3,82 фоиз, Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) номзоди Леонид Слуцкий эса 3,2 овоз йиғишга муваффақ бўлган.

Комиссия сайлов давомати бўйича тўлиқ маълумотлар 18 март куни соат 11:00 да эълон қилинишини маълум қилган.

Россиянинг айрим ҳудудларида бутун ҳисоб-китоблар ниҳоясига етган. Дейлик, Чеченистон Республикасида барча бюллетенлар санаб бўлинганидан кейин Путин 98,99 фоиз овоз олгани очиқланган. Аннексия қилинган Қрим яриморолидаги Севастополь шаҳрида амалдаги президент 92,6 фоиз овоз йиққан. Москвада эса Путин 85,13 фоиз овоз олгани айтилмоқда.

Президент сайловида Путин учун берилган овозлар 58 миллиондан ошган, бу эса, РБКнинг ёзишича, 1991 йилдан буён овоз бериш тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Аввалги рекорд 2018 йилда ўрнатилган бўлиб, ўшанда Путинга 56,43 миллион киши (76,69 фоиз) овоз берган эди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Россиядаги президент сайлови эркин ва ҳалол бўлмаганини билдирди. Унга кўра, “Украина ҳудудида ноқонуний равишда сайлов ўтказилгани, сайловчиларда танлов имконияти бўлмагани ва ЕХҲТ томонидан мустақил мониторинг ўтказилмагани – булар эркин ва ҳалол сайловга ўхшамайди. АҚШ ҳам Россиядаги сайловни эркин ва адолатли деб ҳисоблашдан бош тортган. Германия ТИВ эса Россиядаги овоз беришни “натижаси ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайдиган сохта сайлов” деб атаган. Польша ТИВ ҳам Россиядаги сайловчи эркин ва адолатли деб ҳисоблаб бўлмаслигини билдирган.

Бу орада Ким Чен Ин президент лавозимига қайта сайлангани муносабати билан Владимир Путинга табрикнома йўллаган, дея хабар қилди Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги. Путиннинг “Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан” Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам қутлашган.

Аввалроқ Путинни сайловдаги ғалабаси билан Никарагуа раҳбари Даниэль Ортега ва Венесуэла президенти Николас Мадуро ҳам табриклаган эди.

Бу Путин учун президентликнинг бешинчи муддати бўлиб ҳисобланади. 2020 йил ёзида Россияда Конституцияга киритилган ўзгартишлар унга яна икки марса давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш ва 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имкониятини берган.

Путин 2000 йил бошидан буён Россияда ҳокимиятни бошқариб келади. Даставвал у 2000 ва 2004 йилларда президент этиб сайланган. Ўшанда президентлик муддати 4 йилни ташкил қиларди. 2008 йилда у бош вазир Дмитрий Медведев билан вақтинча ўрин алмашиб турган – Медведев тўрт йил президентлик, Путин эса бош вазирлик қилган. 2012 йилда Путин учинчи муддатга номзодини қўйган, ўша йили президентлик муддати тўрт йилдан олти йилга узайтирилган. 2018 йилда у тўртинчи бор президентлик курсисини эгаллаган эди.