Россия саноат ва савдо вазири Тошкентга коронавирусга қарши рус вакцинаси намуналарини олиб келди

Вакцина намуналарини санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.

Россиянинг COVID-19га қарши “Cпутник V” вакцинаси намуналари Ўзбекистонга олиб келинди. Вакцинани Тошкентга шахсан Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров олиб боргани ҳақида 4 декабрь куни вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, вакцина намуналарини Ўзбекистон санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.

“Намуналар ўзбек томонига вакцинани рўйхатга олиш ва уни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовларни ўтказиш учун тақдим этилди”, -дейилади вазирлик билдирувида.

Аввалроқ Озодлик радиоси 1994 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорида ишлаётган Laxisam ширкати бош директори Шавкат Алимуҳамедов ўз ширкати Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) билан эришилган келишув доирасида вакцинани қабул қилиб олишга тайёрлигини билдиргани, аммо вакцина таъминоти бўйича Россиядан шу кунгача жавоб келмагани тўғрисида хабар берган эди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Laxisam ширкати билан Россия ўртасида эришилган дастлабки келишувга кўра, 10 миллион доза 2020 йилнинг охирига қадар, яна 25 миллион доза эса 2021 йил бошида Ўзбекистонга етказилиши кўзланган эди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Спутник-V" вакцинасини Ўзбекистонда синовдан ўтказиш режалангани ва бунинг учун Россияга 500 доза вакцина учун буюртма берилганини хабар қилганди.

Аммо Россияда вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқариш жараёни ҳануз бошлангани йўқ. Россия саноат ва савдо вазирлигининг билдиришича, Россия яқин кунларда фақат 2 миллион доза вакцина ишлаб чиқариш қувватига эга.