Токио олимпиадасида иштирок этадиган Россия спортчиларига хориж журналистлари билан қандай мулоқот қилиш тўғрисида кўрсатма берилди.
“Ведомости” газетасининг ёзишича, рус спортчиларига хориж журналистлари билан мулоқот чоғида Қрим, Россия спортида допинг ва жинсий тегажоқлик ҳақида гапирмаслик тавсия қилинган.
Россия Олимпия қўмитаси томонидан спортчиларга юборилган кўрсатмада хориж журналистлари уларга сиёсий саволлар бериши мумкинлиги қайд этилган. Қўмита бундай саволларга “изоҳ берилмайди” қабилида жавоб қайтариш лозимлигини уқтирган.
Айни пайтда қўмита кўрсатмасида, зарурат туғилган пайтда, бундай саволларга қай тарзда жавоб қайтариш шартлиги ҳам белгиланган.
Масалан, қўмита Қрим, Донбасс юзасидан саволларга “спорт сиёсатдан ташқари, шунинг учун бу масала муҳокама қилинмайди”, жинсий тегажоқлик тўғрисидаги саволларга эса “биз бундай ҳолатга ҳеч қачон дуч келмаганмиз”, деб жавоб бериш тавсия қилинади.