Россия ёлланма аскарларининг Суриядаги ваҳшийликлари акс этган видео тарқалди

Видеода камуфляж кийиб олган тўртовлон иккита тўсинга тортилган кишининг абжағи чиқиб кетган танасига тез ўт оладиган суюқлик сепаётиб, соф рус тилида ҳазил-ҳузул қилаётгани акс этган.

Улар жасадга ўт қўйиб, унинг қанақа ёнишини томоша қилишдан олдин камера олдида қўр тўкар экан, унинг кўкрагига мамлакатнинг ҳарбий ҳаво кучларини мақтовчи сўзларни рус тилида ёзади.

Суриядаги ваҳшийларча қотиллик ҳақида 2017 йил ёзида тасвирга олингани гумон қилинаётган видео Россиянинг “Новая газета”си ўтказган суриштирувдан сўнг жорий ҳафтада пайдо бўлди.

Газета ўша кишилар Россиянинг “Вагнер” махфий ёллаш ташкилотига тааллуқли эканини айтмоқда. Кўпчилик уни Россиянинг таъсирини Африка ва Яқин Шарқда ёйишга ташаббускор бўляпти, деб ҳисоблайди.

Газета 20 ноябрда эълон қилинган ҳисоботида видеодаги кишилардан бирининг шахсини аниқлаганини ва у Ставрополь ўлкасилик собиқ полиция ходими эканини хабар қилди. Ўша киши 2016 йили ташкилотга кириш вақтида “чет элларда Россия манфаатларини тамсил қилиш”га ваъда берган экан.

Газета уни исми ва фамилиясининг биринчи ҳарфи билан атайди ва оиласи хавфсизлигини ўйлаб, тўлиқ исмини ошкор қилмади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковдан видео ва “Новая газета”нинг ҳисоботи ҳақида фикр сўралганда, тасвирга олинган кишиларни билишини инкор қилди. У видеони кўришга вақти бўлмаганини айтиш билан бирга ушбу нохуш ҳодисага Россия қуролли кучларининг дахли йўқ эканини айтди.

У Россиянинг Сурияда жанг қилаётган айрим ёлланма гуруҳлари уруш жиноятлари содир этганликда айбланаётгани ҳақидаги саволга, “Бу президент маъмуриятига бериладиган савол эмас”, деб жавоб қайтарди.

“Вагнер” Россиянинг сўнгги ўнйилликда ташкил қилинган хусусий ҳарбий компанияларидан энг машҳуридир. Уни бир пайтлар Владимир Путиннинг ёрдамчиси ва ошпази бўлган Евгений Пригожин назорат қилиши айтилади.

Мавзуга алоқадор АҚШ россияликларнинг санкция рўйхатини кенгайтирди

Илгари у ташкилотга алоқаси борлигини инкор қилар эди, лекин турли суриштирувлар Пригожиннинг унинг фаолиятига алоқаси борлигини кўрсатди.

2017 йилнинг баҳорида яхши қуролланган “ЧВК Вагнер” бўлинмалари “Ислом давлати” террорчи гуруҳларини Шаэр нефть конидан қувиб чиқарган эди. Бу факт Сурия давлат бош нефт корпорацияси ва Россиянинг “Евро Полис” ширкати ўртасидаги келишувларда акс этгани маълум, деб ёзди “Новая газета”.

Россиянинг “Евро Полис” компанияси рус бизнесмени, омма орасида кўпроқ “Путин ошпази” номи билан танилган Евгений Пригожин ширкатлари билан боғлиқлиги айтилди. Асадчилар билан келишувга биноан, бу ширкат Суриядаги нефть ва газ конларини ишидчилардан озод қилиши ва уларни хавфсизлигини таъминлаши лозим. Бунинг эвазига “пригожинчилар” кондан олинажак нефть ва газнинг 25 фоизига эгалик қилади.

Пригожин яна АҚШнинг 2016 йилги президент сайлови кампаниясига аралашган Интернет тадқиқотлари агентлигини ташкил этган ва маблағ билан таъминлаб турган.

Суриядаги "Вагнер" хусусий ҳарбий компания жангчилари

“Новая газета” ўша нохуш ҳодиса акс этган клиплар туркумининг фақат биттаси бўлса ажаб эмас. Уларда рус жангарилари одамларни қийноққа солгани, майиб-мажруҳ қилгани ва бошини кесиб олгани тасвирланган.

Газетанинг ҳисоботи одамларнинг ғазабини қўзғатган ва гангитиб қўйган нохуш ҳодисага ойдинлик киритди.

Ҳисобот эълон қилинишидан тўрт кун олдин Суриянинг “Jesr Press” хабарлар сайти қурбон бўлган кишиники экани иддао қилинган исмни эълон қилди. Асли у Дайр аз-Зўрдан бўлгани, фуқаролар уруши бошланганда мамлакатдан қочиб кетгани, аммо кейинчалик президент Башар Асад ҳокимиятини қўллаб-қуватлаш учун ҳукумат қўшинлари сафига киргани ҳақида хабар қилинди.

Нашрга кўра, Сурия армиясидан қочиб кетмоқчи бўлганида, уни Россия аскарлари мамлакатнинг Ҳомс вилоятидаги аш-Шаэр нефть конида тутиб олган.

Россиялик кишининг “Новая газета” мурожаат қилган қариндошлари ва дўстлари жавоб бермаган ёки у билан боғлиқлиги борлигини инкор қилган. Хотини эса газета мухбири савол бергач, ижтимоий тармоқдаги аккаунтини ўчириб қўйган.

“Новая газета” мақоласи чоп этилишидан олдин ижтимоий тармоқларга юкланган суратда 4 киши боши кесиб олинган жасад олдида тургани тасвирланган, бу тарқалган клипдаги жой экан, уларнинг суратдаги юзлари бекитилган.

Газета олинган материалларни Россиянинг ҳуқуқни қўлловчи идораларига беришни таклиф қилган. Аммо ушбу мамлакатнинг тергов ўтказувчи идоралари бу иш юзасидан тергов ўтказгани ёки бундай тергов ўтказишни ният қилган-қилмагани аниқ эмас.

Россиянинг “Вагнер” ёки бошқа ҳусусий ҳарбий компаниялари мамлакати таъсирини Яқин Шарқдан ташқаридаги табиий ресурсларга бой, шу билан бирга ташқи сиёсий таъсир олдида заиф бўлган мамлакатларга ёйишга интилмоқда.

Журналистлар, очиқ ресурслар тадқиқотчилари ва бошқа кузатувчилар Россия ҳарбий компаниялари Марказий Африка Республикаси, Мозамбик ва Ливияда амалиётлар ўтказганини аниқлади.

Вашингтонда жойлашган “Янги Америка” жамғармаси ва Аризона штати университети жорий ой бошида эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Москванинг хусусий ҳарбий компанияларга таяниши Кремлга фойда келтирган ва улар Россиянинг таъсирини ёйишда арзон, тезкор ва махфий йўлдир.