Россияда Озод Европа/Озодлик радиоси рус хизмати (Радио Свобода) билан ҳамкорлик қилиб келаётган фриланс журналист Светлана Прокопьевага терроризмни оқлаш айблови эълон қилинди.
Прокопьевага қўйилаётган бу айбловларни инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қоралади.
16 март куни Прокопьева унга нисбатан айбловни Псков шаҳри прокуратураси эълон қилганини айтди.
Прокопьева қўйилган айбловга журналист 2018 йилда «Эхо Москви» радиосига берган интервью асос бўлди.
Прокопьеванинг ўзи айбловни рад этмоқда. Агар у айбдор деб топилса, 7 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Прокопьевага қўйилаётган айблов асоссиз эканлигини айтиб, қоралар экан, бундай деди:
- Россияда мустақил журналистлар ўз фаолиятлари учун жиноятчи ўлароқ кўрилмаслиги, балки аҳолини улар дучор бўлаётган масалалар ҳақида муҳим хабар ва маълумотлар билан таъминлашда ўйнаётган роли учун ҳурмат қилиниши керак.