Коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасининг самараси 95 фоиздан ошган. Бу ҳақда Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) томонидан 24 ноябрь куни тарқатилган хабарномада айтилган.
“Илк эмловнинг 42-кунидаги дастлабки маълумотлар вакцина самараси 95 фоиздан юқорилигини кўрсатди”, дейилади хабарномада.
Аввалроқ АҚШнинг Pfizer ширкати (Германиянинг BioNTech ширкати билан ҳамкорликда) ҳамда Moderna ширкати ўзлари ишлаб чиқарган препаратлар 95 фоиз самара кўрсатгани ҳақида билдирган эдилар.
23 ноябрь куни Британиянинг AstraZeneca ширкати коронавирусга қарши Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиқарган препарати ўртача 70 фоиз самара берганини маълум қилган. Айни пайтда ширкат ўз вакцинасини сақлаш ва ташиш учун алоҳида шароит бўлиши шарт эмаслиги, препарат нархининг ҳам муқобил вакциналаридан арзонроқ бўлишини қайд этган.
Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинаси шу йил 11 августида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Ўшанда унинг дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина экани айтилганди. 11 ноябрь куни илк эмловнинг 28 куни натижаларига кўра препарат самараси 91,4 фоизни ташкил этгани айтилганди.
РБИЖ маълумотига кўра, “Спутник V” вакцинаси икки дозали бўлиб, унинг битта дозаси хорижий бозорларга 10 доллардан пастроқ нархда сотилади. Аввалроқ ишлаб чиқарувчилар Россия вакцинаси АҚШ препаратларига қараганда анча арзон бўлишини билдирган эдилар.
“Спутник V” вакцинасининг муҳтамал харидорлари орасида Ўзбекистон ҳам борлигини ҳақида аввал хабар қилган эдик.