Сирдарё вилоятидаги "Сардоба" сув омборида ўтган ой бошида рўй берган техноген офат ортидан омбор атрофидаги ҳудудларда қурғоқчилик юзага келди.
Бу ҳақда Озодликка хабар қилган фермерлар "Сардоба" омбори сувига қараб қолган чўл ҳудудларида аҳвол оғир эканини айтишди: сувсизлик туфайли далаларидаги экинлар қуриб қолмоқда.
Деҳқонлар экинларни суғоришга сув етмаётгани, чорвадорлар эса мол-қўйларини боқа олмаётганликларидан нолимоқда.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигининг Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мулозими 5 июнь куни Озодлик саволларига жавобан, май ойи бошидаги техноген офат сабаб "Сардоба" омбори сувининг қарийб 40 фоизи кетиб қолгани, шу боис, унинг атрофидаги дашт ва чўл ҳудудларида қурғоқчилик бўлаётганини тасдиқлади.
Лекин, мулозим вазият ваҳима қиладиган даражада эмаслигини айтди.
Сардоба туманининг "Узоқов", "Хўжаев" фермер хўжаликларидан Озодликка юборилган суратларда ердан нам қочиб, экинлар қовжирай бошлаганини кўриш мумкин.
Исмини ошкор қилишни истамаган маҳаллий фермерларга кўра, Фарғона, Андижон вилоятларидан келган деҳқонлар сув йўқлиги учун ерларни ташлаб кетишяпти.
Озодлик суҳбатлашган айрим деҳқонлар эса, ҳатто ичимлик суви етмаётганидан нолиди.
- Нафақат ер суғоришга, хатто аҳоли кунлик эхтиёжи учун ҳам сув йўқ лотокларда. Уй хайвонларига сувни сотиб оберишга ҳаммани ҳам қурби етмайди. Экинлар уч кун сув ичмаса, ўлади. ҳосил хавф остида, - деди сардобалик фермер.
Баъзи фермерлар эса экинлари буткул қуриб битганини айтишди.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигининг Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мулозими Озодликка Сардоба сув омборига қараб қолган дашт ва чўл ҳудудларида қурғоқчилик бўлаётганини тасдиқлади. Лекин, вазият ваҳима қиладиган даражада эмаслигини айтди.
Мулозимга кўра, "Сардоба" сув омборида 1 майдаги техноген офат оқибатида у ерда тўпланган 1 миллиард куб метр сувнинг қарийб 40 фоизи йўқотилган.
- Ўтган йили сув билан боғлиқ муаммо бўлмаган эди, бу йил мана бу офатдан сўнг қийин бўляпти. Сардобанинг 400 миллион куб метр суви кетиб қолган, шунинг учун бу йил сув масаласида, айниқса, шу омбордан суғориб келинган чўл ерларида қийин бўляпти, - деди исми очиқланмаслигини истаган мулозим.
Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудуддаги "Сардоба" сув омбори Ўзбекистоннинг асосан чўл ҳудудида жойлашган ерларни суғориш учун 2018 йил майида ишга туширилган эди.
Ушбу сув омбори "чўл ўртасидаги денгиз" деб ҳам таърифлаб келинган.
Оқибатда, камида, 70 минг одам вақтинча бошпанасиз қолди, аҳолининг турар-жойларига ва экинзорларига зарар етди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши бўйича очилган жиноят иши терговида тўрт версия ўрганилаётганини маълум қилган.
Шу версиялардан бири қурилиш меъёрларининг бузилиши, эксплуатация жараёнидаги хатоликлардир.