Пентагон Кобул аэропорти 17 август куни эрта тонгдан эвакуация учун қайта очилганини маълум қилди.
16 август куни аэропортда саросимага тушган минглаб одам самолётларга тирмашган, бунинг ортидан учиш-қўниш хавфсизлигига путр етган эди.
Саросима оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани, АҚШ ҳарбийлари оломонни тинчлантириш учун ҳавога қарата ўқ отишга мажбур бўлгани хабар қилинган. Шундан сўнг аэропорт тартиб ўрнатилгунига қадар ёпилганди.
Толибон Кобулни 15 августда эгаллаши олдидан президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган. Ғарб давлатлари Афғонистондаги дипломатлари ва фуқароларини эвакуация қилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан АҚШ фуқаролари ва Америка ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилган минглаб афғон яқин кунлар ичида эвакуация қилинишини билдирди.