14 февраль куни Россия мухолифатчи етакчиси Алексей Навальнийнинг тарафдорлари унинг ҳимоясига уяли телефонлар, чироқлар ва шамлар ёрдамида «Севги қўрқувдан кучли» акциясини ўтказишни режалаштирмоқдалар.
Айни дамда қамоқда қолаётган Навальнийнинг жамоаси Россия аҳолисини маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан бошлаб 15 дақиқа давомида мобил телефонлари чироқларини кўчага қарата ёқишга чорлади.
Шунингдек, Навальний тарафдорлари чироқларни баланд кўтариб ёки шамчироқларни юрак шаклида ёқиб мухолифатчига бирдамлик изҳор қилишлари мумкин.
Намойишнинг янги форматига мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари кескин бостирилаётгани туртки бўлди. Ушбу тинч норозилик акциясининг мақсади полицияни мушкул аҳволга солиб қўйишдир, чунки улар акция қатнашчиларига қарши бирор чора кўра олмайди.
Кремль аллақачон бу тадбирдан мамнун эмаслигини изҳор қилди. 12 февраль куни Роскомнадзор оммавий ахборот воситаларига режалаштирилаётган норозилик акцияси ҳақидаги барча хабарларни ўчиришни буюрди.