Сирдарё вилоятида 9 ноябрь куни ДХХ ва ИИВ маҳаллий бўлинмалари ўтказган тезкор тадбир давомида террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олингани хабар қилинди.
Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Ховос туманида яшовчи Б.Т. ва унинг бир нечта ҳамфикрлари интернет орқали Суриядаги террорчилик ташкилотлари аъзоларининг таъсирига тушиб, яқин алоқалари орасида экстремистик мазмундаги, хусусан, жиҳодга чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб келган.
“Шунингдек, гуруҳ етакчиси Б.Т.нинг келгусида Сурияга бориб, террорчи гуруҳлар таркибига қўшилишни мақсад қилганини тасдиқловчи маълумотлар олинган. Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув жараёнида, уларнинг уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган”,-дейилади хабарда.
Расмий билдирувда гуруҳ аъзоларидан қанчаси қўлга олингани тўғрисида маълумотлар ва тафсилотлар берилмаган.
31 октябрь куни ДХХ матбуот хизмати Деҳқонобод туманида “Жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисида расман хабар берганди.
Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.
Аммо орадан бир кун ўтиб Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ДХХ хабарини инкор қилган, қўлга олинганлар орасида имом ва маҳалла раиси бўлмаганини билдирган.