Сирдарёда янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди

Электр станцияси Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида жойлашади. Энергетика вазирлиги сайтидан олинган фотосурат.

Сирдарё вилоятида Хитой ва Япония билан ҳамкорликда қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси (ИЭС) нинг қурилиши бошланди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, айни пайтда қурилиш майдончасида объектни қуриш учун ер майдонини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Хитойнинг China Gezhouba Group Corporation ширкати ИЭС қурилишининг бош пудратчиси сифатида танланди. Лойиҳа эса Япониянинг MHPS компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Электр станцияси Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида жойлашади.

“ИЭС ишлаётганда табиий газнинг йиллик тежамкорлиги 2,0 миллиард куб метрни, электр энергияси ишлаб чиқариш эса 10,0 миллиард киловатт соатни ташкил қилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 августда “Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4799-сонли қарорни имзолаган эди.

Қарор билан иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисидаги инвестиция шартномаси Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “The International Company for water and power projects” (Саудия Арабистонинг сув ва энергетика лойиҳалари бўйича компания) ва “Acwa Power Sirdarya” МЧЖ (Лойиҳа компанияси) ўртасида тасдиқланганди.

Шунингдек, қарор билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Acwa Power Sirdarya” ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида келишув тасдиқланганди.

Ушбу лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини фақат “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга сотилишини кафолатлайди.