Собиқ президент Алмазбек Атамбаев туркияликларга фуқаролик берганликда айбланмоқда

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев суд залида.

Қирғизистонни 2011-2017 йилларда бошқарган Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва яна 8 собиқ амалдорга туркиялик бир неча кишига ноқонуний тарзда фуқаролик берганлик айблови билдирилди.

Атамбаев фуқаролик берган шахслар орасида 2021 йилнинг 31 майида Бишкекдан Туркия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инанди ҳам бор. 53 ёшли Инанди Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, Қирғизистон фуқаролиги берилган 10 кишининг барчаси ҳозирда АҚШда яшаётган уламо Фатҳулло Гуланнинг тарафдори бўлган. Туркия ҳукумати Фатҳулло Гуланни 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши ташкилотчиси сифатида кўради. Гулан бу айбловни инкор қилган.

Ноқонуний фуқаролик бериш айблови Алмазбек Атамбаевдан ташқари собиқ Бош вазир Сапар Исақовга ва ҳукуматнинг собиқ 7 амалдорига ҳам билдирилди. Айни пайтда Сапар Исақовга нисбатан қидирув эълон қилинди.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатганликда айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.