“Советларга зарба берганмиз – Толибон билан ҳам урушамиз”. Афғонистонда қаршилик ҳаракатига нима бўлди?

Аксилшўро қаршилик ҳаракати қаҳрамони Аҳмад Шох Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд - Панжшир, 5 сентябрь, 2021

9 сентябрь куни Кобул ва бошқа афғон шаҳарларининг кўчалари Аҳмад Шоҳ Маъcуд портретлари ва граффитиларига тўлди. Маъcуд нафақат совет қўшинлари, балки толиблар билан ҳам урушган Афғонистон қаршилик ҳаракати етакчиси ўлароқ машҳур. У бундан 20 йил бурун, АҚШда 2001 йил 11 сентябрда юз берган террористик ҳужумлардан икки кун олдин “Ал-Қоида” гуруҳи томонидан ўлдирилган эди.

Аҳмад Шоҳнинг ўғли Аҳмад Маъcуд бир ҳафтаолдин Афғонистоннинг Толибонга қаршилик кўрсатаётган сўнгги минтақаси бўлмиш Панжшир вилояти толиблар назоратига ўтгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Ғарб журналистлар томонидан август ойи охирларида олинган фотосуратлар Маъсудга содиқ кучларнинг қаршиликни давом эттираётганини кўрсатади. 22 август куни Аҳмад Масъуд ўз интервьюсида “Биз СССРга зарба берганмиз – Толибон билан ҳам курашаверамиз”, деб айтган.

Мавзуга алоқадор Тожик экспертлари: “Афғонистонда толибларга қаршилик кўрсатиш ҳали-бери тўхтамайди”

Бу гап Афғонистонда советлар бошлаган уруш даври воқеаларига ишорадир. Ўшанда Аҳмад Шоҳ Маъсуд Панжширни макон тутган ҳолда совет қўшинларига ва уларга тобеъ Афғонистон Демократик Республикасига қарши курашган. 1970-йиллар охири – 1980-йилларда совет қўмондонлиги таъминот йўллари ўтган Панжшир дарасини Аҳмад Шоҳ Маъсудга тобеъ кучлардан тозалашга уринган ва ҳеч қачон бунга муваффақ бўла олмаган, ҳар гал катта талафотлар билан чекинишга мажбур бўлган. Панжшир амалиётларида иштирок этган совет ҳарбийларидан 18 нафарига Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган.

Масъуднинг лашкари вақт ўтган сари кўпайиб, 1989 йилда 13 минг кишига етди. 1980-йиллар ўрталарида улар нафақат Панжшир дарасига туташ ҳудудларни, балки шимолий вилоятларнинг айрим туманларини ҳам назорат қила бошлади.

Совет қўшинлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан сўнг Афғонистон Ислом давлати тузилди ва Аҳмад Шоҳ Масъуд унинг мудофаа вазири этиб тайинланди. 1996 йилда толиблар Афғонистоннинг катта қисмини босиб олганида Аҳмад Шоҳ ҳукуматдан кетиб, Бирлашган фронт (Шимолий альянс)га асос солди.

Маъсуд ўша кезлар мамлакатнинг учдан бир қисмида назорат ўрнатган эди. Ушбу ҳудудларда толиблар қўл остидаги туманларда мавжуд қаттиқ тартиб-қоидалар амал қилмас, одамлар бирмунча эркин ҳаёт кечиришарди. Толибон зулми остида яшашни истамаган кўплаб афғонлар шимолий минтақага – Аҳмад Шоҳ кучлари ҳимоясидаги минтақага қочиб боришарди.

Маъсуд “Ал Қоида” аъзолари тарафидан ўлдирилганида унинг ўғли атиги 12 ёшда бўлган. Эндиликда у отаси асос солган фронтга ўхшаш қаршилик ҳаракатига бошчилик қилмоқда.

Аҳмад Маъсуднинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида сўнгги хабар 6 сентябрь куни қолдирилган. Ўша мурожаатида у Толибон ўз бошқарув услубини ўзгартирмаслигини айтиб, афғонларни қаршилик ҳаракатига қўшилишга чақирган эди.Ўшандан бери Маъсуднинг тақдирига доир хабар йўқ.

Толиблар бутун Афғонистон ҳудудини забт этгани ва, хусусан, Панжшир ҳам ишғол этилганини бир неча бор иддао қилган бўлса-да, қаршилик ҳаракати давом этаётганига дунё афғонларининг ишончи комил. Ижтимоий тармоқлар Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлашга қаратилган чақириқларга тўлиб-тошган.

Мавзуга алоқадор Афғонистонлик аёллар ижтимоий тармоқларда ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда

9 сентябрь куни сматбуот котиби Майсам Назарий Аҳмад Маъсуд ва ўзини қонунга мувофиқ Афғонистон Ислом Республикасининг президенти вазифасини бажарувчи деб эълон қилган Амруллоҳ Солиҳ хавфсиз жойда эканини маълум қилди.

Назарий ҳам Панжшир тўлиқ Толибон қўлига ўтгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, минтақа ҳудудининг 60 фоизи ҳамон Миллий қаршилик фронти назоратида эканини айтди.