ОИВ инфекциясига ёки аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, ҳомиладорларни, эмизикли аёлларни ва 18 ёшгача бўлган аҳоли қатламини COVID-19 га қарши эмлаш тавсия этилмайди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековга таянган ҳолда 7 март куни маълум қилди.
Бундан ташқари коронавирус билан касалланган одамлар билан яқин алоқада бўлган шахслар 14 кунлик карантин тугаганидан кейин, шифокор кўригидан сўнг эмланади.
Эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида кузатиб турилади. Кейинчалик уч кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам тиббий кузатувга олинади. Уларнинг соғлиғи, аҳволи кўздан кечирилиб, тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Фуқаролар эмланишдан олдин, албатта, тиббий текширувдан ўтказилади.
Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши рўйхатга олинган илк вакцина - ZF-UZ-VAC 2001 рекомбинант (CHO cell) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлаш март ойи ўртасида бошланиши кутилмоқда.