Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 март куни ижтимоий тармоқларда коронавирус ва карантинга оид кўплаб хабарлар пайдо бўлаётганини маълум қилди ва уларни “рост ва ёлғон хабарлар”га ажратди.
Вазирликнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда Зангиотадаги махсус шифохонада сўнгги 10 кунда беморлар кўпайгани, коронавирусга қайта чалинганлар ҳам мавжудлиги тўғрисида тарқатилган хабарлар рост.
Бундан ташқари болалар орасида вирусга чалиниш сони ошаётгани, Бухорода жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқлангани, Тошкентда эпидемиологик вазият ёмонлашган тақдирда 1 апрелдан оммавий тадбирлар тўхталиши ҳақидаги хабарлар ҳам тўғри эканини маълум қилди.
Рост хабарлар рўйхатидан яна:
16 март кунидан бошлаб пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги мактабларда ўқиш онлайн режимга ўтказилди;
Карантин чекловларига амал қилмаган (хусусан тиббий ниқобсиз бўлган) фуқароларга маъмурий жарималар қўллаш яна бошланди;
Коронавирус билан кунлик касалланишлар сони 100дан ошди;
7 март куни коронавирус ташхиси қўйилган бемор вафот этди;
Олмазор туманидаги 117-сонли боғчанинг 2 нафар тарбияланувчиси ва 2 нафар тарбиячисида коронавирус инфекцияси аниқланиши сабаб боғча вақтинча ёпилди;
Тошкент вилоятидаги бозор ва жамоат жойларида назорат кучайтирилди, деган хабарлар ҳам жой олган.
Вазирлик қуйидагиларни “ёлғон хабарлар”, деб атади:
16 мартдан карантин эълон қилинди ва ОТМ ҳамда мактаблар тўлиқ онлайн ўқишга ўтди;
Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналари «тўлиб кетди», реанимация бўлимларида беморлар оғир аҳволда;
27 март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситаларининг ҳаракати бутунлай тўхтатилади;
27 мартдан вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади;
зарур бўлмаган ҳолларда фуқароларга уйидан ташқарига чиқиши чекланади;
фаолиятини тўхтатмаган барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектларига кескин жазо чоралари кўрилади.