Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда бугунги кунда касалхоналарда коронавирусга чалинган 6570 нафар бемор даволанаётгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилди.
Вазирлик расмий статистикада коронавирусдан даволанаётганлар сони айни пайтда 2123 нафар экани қайд этилган.
“Ушбу маълумот юзасидан вазирлик шуни маълум қиладики, кўрсатилган 6570 нафар бемор орасида ўткир респиратор касалликлари, коронавирусга гумон қилинган ва оғир турдаги пневмония, шунингдек, вирус тасдиқланмаган беморлар ҳам бор. Коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади”,-дейилади расмий билдирувда.
Вазирликнинг маълум қилишича, коронавирусга ихтисослаштирилган касалхоналарда коронавирус тасдиқланмаган, лекин бошқа касалликлардан даволанаётган беморлар ҳам жуда кўп.
“ Шуларнинг ҳисобига шифохоналардаги беморлар сони коронавирусдан даволанаётган беморларнинг вазирлик эълон қилаётган расмий миқдоридан фарқли эканини кўриш мумкин”,-дейилади хабарда.
Расмий маълумотларга қараганда, 18 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 70581 кишига етди. Беморлардан 67 859 нафари тузалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий статистикасида қайд этилишича, шу кунгача коронавирусдан 600 киши ўлди. Бироқ жамоатчилик вазирлик келтирган бу рақамга шубҳа билдирмоқда.